Қирғизистон Омбудсмени Бузруков ўлими юзасидан текширув ўтказди

Омбудсмен текшируви натижаларига кўра, 2010 йилги Ўш воқеаларида айбдорликда гумонланиб тергов ҳибсхонасида сақланган 63 ёшли Маматазиз Бузруковнинг ҳуқуқлари ҳибсхона раҳбарияти томонидан поймол қилинган.
Марҳум ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани сабабли вафот этган. Қирғизистон Омбудсмени бу воқеада ҳибсхона раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Исраиловани айбдор, деб ҳисоблайди.

Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари тергов чоғида Маматазиз Бузруковга нисбатан қийноқ қўлланилгани ва бунинг натижасида у вафот этганини иддао қилишмоқда.

Бироқ ҳибсхона маъмурияти суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра Бузруковнинг танасида қийноқ аломатлари бўлмагани ва у юрак хуружидан вафот этганини такрорлашдан тўхтамаяптилар.