Эронда тўрт бангфуруш қатл этилди

Эрон жанубидаги Керман шаҳридаги қамоқхонада наркотик савдосида айбланган тўрт киши осиб ўлдирилди.

Эрон ўлим жазосига ҳукм қилиш бўйича дунёда етакчи ўринда турадиган давлатлардан биридир.

Франс-пресс агентлиги хабарига кўра, жорий йил бошидан буён Эронда 184 кишига нисбатан ўлим жазоси ижро этилди. Ўтган йили Эронда 179 киши қатл этилган эди.

Халқаро ҳуқуқ фаоллари Эронда қатл этиш билан боғлиқ рақамлар аслида анча кўплигини таъкидлаб келадилар.

Эрон қонунларига кўра, қотиллик, номусга тегиш, турмуш ўртоғига хиёнат қилиш, қуролли ўғирлик ва наркотиклар контрабандаси билан шуғулланган шахсларга нисбатан ўлим жазоси қўлланилади.