Ўзбек пахтасини бойкот қилаётганлар 60 дан ошди

Ўзбекистонда болалар меҳнатига қарши Нью Йоркдаги намойиш.

Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланилаётгани боис ўзбек пахтасини бойкот қилаётган ширкатлар сони 60 дан ошди.

Британияда чиқадиган The Daily Telegraph газетасининг маълум қилишича, H&M, Burberry, Levi, Adidas, Puma ва жаҳоннинг кўплаб бошқа етакчи кийим-кечак ширкатлари бу ҳақдаги баёнотга имзо чеккан. Бу тадбир ташаббускори эса маркази АҚШда жойлашган “As You Sow” нодавалат ташкилотидир.

Газета ташкилотнинг “Responsible Sourcing Network” лойиҳаси доирасида 12 сентябр куни эълон қилинган баёнот ҳақида ёзди.

Ташкилот баёнотида айтилишича, “икки миллионга яқин ўзбек болалари, уларнинг кўпчилиги етти яшардир, ўз ҳукумати томонидан мактабни ташлаб далага чиқишга мажбурланади. Ўн соатлик иш куни давомида белгиланган 50 килограмм пахтани термаган болалар жисмоний жазога тортилади.”

H&M ширкати жамоатчилик алоқалари бўлими бошлиғи Ҳенрик Лампа The Daily Telegraph газетасига берган изоҳида “биз қайси мамлкат бўлишидан қатъий назар болалар меҳнатига қарши позицияни тутамиз”, дея таъкидлади.

Бу Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммоси билан боғлиқ жорий ойда халқаро майдонда рўй бераётган иккинчи воқеадир. 9 сентябр куни Нью Йоркдаги нуфузли мода ҳафталиги ташкилотчилари президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ва дизайнер Гулнора Каримованинг мазкур тадбир доирасида режалаштирилган либослар томошасини бекор қилди.

Бунга фаолларнинг Ўзбекистондаги болалар меҳнати ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига қарши Нью Йоркда ўтказган намойишлари сабаб бўлди.