Ливияда ҳануз янги ҳукумат таркиби эълон қилинмади

Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши Бош вазири Маҳмуд Жибрил.

Ливияда Муаммар Қаддафийга мойил кучларга қарши жанг ҳаракатлари давом этаётган бир кезда Ўтиш даври миллий кенгаши ҳануз янги ҳукуматни тузишга эришгани йўқ.

Ливия Ўтиш даври ҳукумати раҳбари Маҳмуд Жибрил янги ҳукумат таркибини якшанба куни эълон қилиши кутилган эди. Жибрилга кўра, вазирларга номзодлар устида сўзлашувлар ниҳоясига етмаган.

Миллий кенгаш қўшинлари эса бир неча кундан буён Муаммар Қаддафий туғилган шаҳарда жанг ҳаракатларини давом эттирмоқда.

Қаддафийга қарши кучлар бир неча бор Бани Валид шаҳрини ишғол қилишга уринди. Аммо, шаҳарни эгаллаб олган қаддафийчи кучлар бу ҳужумларни қайтаришга муваффақ бўлди.