Бишкекда ўқувчига рўмол тақиқланганига қарши митинг бўлди

Бишкекдаги Таълим вазирлиги биноси олдида 19 сентябр куни бўлиб ўтган митинг иштирокчилари билан Қирғизистон Таълим вазири Қанат Садиқов учрашди.

Митинг иштирокчиларидан бири, “Ақл, онг, иймон” жамғармаси раҳбари Дуйшўн Абдилдаевнинг маълум қилишича, мактабга рўмол ўраб борган қизларни ўқитувчилар дарсларга киритмаяпти ва ўқувчи қизларнинг билим олишига тўсиқ бўлмоқда. Бундай ҳолат асосан мамлакат жанубида кузатилмоқда.

Митинг иштирокчилари вазирлик рўмол ва ҳижобда дарсга қатнашишга рухсат бермаса, митинг жума куни республика миқёсида ўтказилиши айтишмоқда.

Айни пайтда Қирғизистон Таълим вазирлиги мактабларда рўмол ўраш таъқиқланмаганини, бироқ мактаб формаси бўйича умумий талаблар бажарилиши лозимлигини айтмоқда.