Ню Йоркда Фаластин борасида сўзлашувлар бормоқда

АҚШ Давлат котиби Клинтон (ч) ва Россия ТИВ Лавров.

Ню Йоркда АҚШ дипломатлари Фаластиннинг БМТга аъзо бўлиш йўлидаги уриниши борасида халқаро қарама-қаршилик юзага келиши олдини олишга уринмоқдалар.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон америкалик дипломатлар Исроил, Фаластин ва БМТ Бош ассамблеясининг йиллик йиғилишида иштирок этиш учун Ню Йоркка келган бошқа давлат дипломатлари билан “қизғин музокаралар” олиб бораётганини маълум қилди.

Расмийларга кўра, Клинтоннинг ўзи Яқин Шарқ тинчлик музокаралари бўйича тузилган тўртлик аъзоси, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашган.

Музокаралар чоғида тўртлик юзага келган вазият тўғрисида эълон қилиши мумкин бўлган баёнот матни муҳокама қилинган.

Яқин Шарқ тинчлик музокаралари бўйича тўртлик АҚШ, БМТ, Европа Иттифоқи ва Россиядан иборат.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос жума куни Фаластиннинг мустақил давлат сифатида БМТга қабул қилиниши тўғрисидаги расмий сўровномани топшириш ниятида эканини маълум қилди.

Бироқ Фаластиннинг бу уринишига Исроил ва унинг яқин иттифоқчиси бўлган АҚШ қарши чиқмоқда.

Бу икки мамлакат расмийларига кўра, мустақил Фаластин давлатини эълон қилиш масаласи Исроил-Фаластин ўртасидаги музокаралар орқалигина ҳал этилиши лозим.

АҚШ Фаластиннинг мустақил давлат тўғрисидаги сўровномасига Хавфсизлик Кенгашида вето қўйишидан огоҳлантирмоқда.