Обама: Исроил билан Фаластин ўзаро муросага келиши шарт

АҚШ Президенти Барак Обама.

Фаластин маъмуриятининг БМТ томонидан ўз мустақиллиги тан олиши тўғрисидаги расмий сўровномани топширишдан қайтариш уриниши ўлароқ АҚШ президенти Барак Обама чоршанба куни яна бир бор Фаластин етакчиларини мазкур муаммони Исроил билан музокаралар воситасида ҳал этишга чақирди.

БМТ Бош ассамбелясида нутқ сўзлаган Обама Исроил ва Фаластин кўп йиллик муаммога ўзлари ечим топишлари зарур, дея таъкидлади.

- Пировардида исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги келишмовчиликлар сабаби бўлган чегара ва хавфсизлик, кочқинлар ва Қуддус масалалари бўйича биз эмас, уларнинг ўзлари келишиб олишлари зарур. Охир-оқибат, бизнинг нутқларимиз тугаб, биз берган овозлар санаб бўлингач, тинчлик биргаликда яшаши зарур бўлган халқлар ўртасидаги муросага боғлиқ бўлади, - деди Обама.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос жума куни Бош ассамблеяда қиладиган чиқишида Фаластиннинг мустақил давлат сифатида тан олиниши тўғрисидаги расмий сўровномани тақдим этишни режалаган.
Қўшма Штатлар бунга кескин қаршилик билдириб, мазкур масалага Хавфсизлик кенгашида вето қўйишидан огоҳлантирган.

Лекин БМТ Бош ассамблеясининг 193 аъзосидан учдан иккиси “ҳа” деб овоз берса, Фаластин аъзо бўлмаган давлат сифатида тан олиниши мумкин.