ЕХҲТ Туркманистонни Интернетга йўл очишга чақирди

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Туркманистонни матбуот чекловларини юмшатиш ва мамлакатда Интернетга кенгроқ йўл очиб беришга чақирди.

Ташкилотнинг матбуот эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович сешанба куни Ашхободга қилган сафаридан кейин бу ҳақда баёнот эълон қилди.

Сафари чоғида Миятович Туркманистон расмийларининг мамлакатда битта мустақил нашрнинг фаолиятига имкони берганини алоҳида қайд этди.

2007 йилга қадар Туркманистонда Интернетдан расман қайд этилган ташкилотлар ва журналистларгина фойдалана олар эди. Кўплаб хорижий сайтлар бугун ҳам тўсиб қўйилган.

Телекоммуникациялар халқаро уюшмасига кўра, Туркманистон Интернет фойдаланувчилар сони бўйича жаҳонда энг охирги ўринлардан бирини эгаллайди - 1000 туркмандан атиги 22 нафаригина жаҳон тармоғига чиқа олади, холос.