Ливияда исёнчи кучлар Сирте шаҳри учун жанг қилмоқда

Ливия Ўтиш даври миллий кенгашига қарашли кучлар мамлакат собиқ президенти Муаммар Қаддафий туғилиб ўсган Сирте шаҳрини ўз назоратига олиш учун шиддатли жанглар олиб бормоқда.

Қаддафийга содиқ кучлар артиллериядан ўт очаётгани ва мерганлар ўққа тутаётганига қарамай, исёнчи кучлар Сирте шаҳри марказига етиб борган.

Ассосиэйтед пресс ахборот агентлиги Миллий кенгаш кучлари Сирте шаҳридаги телестанцияни эгаллашга муваффақ бўлганинин хабар қилди.

Айни пайтда, НАТО учқичлари сўнгги 24 соат ичида Сирте шаҳридаги Қаддафий кучлари эгаллаган позициялар, жумладан, қурол-аслаҳа омборларини бомбардимон қилмоқда.

НАТО эълон қилган баёнотда тинч аҳолини Қаддафий кучларидан ҳимоялаш мақсадида ҳаво ҳужумлари кучайгани билдирилган.

Муаммар Қаддафийнинг матбуот вакили эса НАТОни Сирте шаҳрини бомбардимон қилиш орқали юзлаб тинч аҳоли вакилларини ўлдирганликда айблади.