Россия-Швейцария банк ҳисоблари ҳақида маълумот алмашишга келишди

Россия ўз фуқароларининг Швейцария банкларидаги ҳисоб рақамларига оид маълумотларни олиш тўғрисида Швейцария билан келишувга эришди.

Ҳужжатни Вашингтонда Россия Молия вазири Алексей Кудрин ва Швейцариянинг Федерал молия департаменти бошлиғи Эвелин Видмер-Шлумпф имзолади.

Кудрин Россия солиқ тўлашдан бош тортган ёки пулларни ювишда гумон қилинган ўз фуқароларининг ҳисоб рақамлари ҳақида маълумот беришни сўраб Швейцария банкларига мурожаат қилишини айтди.

Швейцарияда 1934 йилдан бери банк сири ҳақидаги қонунга риоя қилиб келинган.

Унда банк сирини ошкор қилган ходимни хатто қамоқ жазосига ҳукм қилиш назарда тутилган.

Бироқ 2009 йилда Швейцария ҳукумати бу қонун юмшатилишини эълон қилган.