Ўзбекистон расмийси Ўш воқеалари учун масъулларни жазолашга чақирди

Элёр Ғаниев БМТ минбарида.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев 26 сентябр куни Ню Йоркда БМТ Бош Ассамблеясида қилган чиқишида Қирғизистон жанубида рўй берган қонли воқеалар учун масъуллар ҳамон топиб, жеазоланмаганига Тошкент эътирозини изҳор қилди.

- Қонли ҳодисалар рўй берганига бир йилдан ортиқ вақт ўтди. Бироқ шу кунгача ўша воқеаларда жиноятлар содир этган кучлар ва конкрет шахслар, жиноят ташкилотчилари, буюртмачилари ҳамда ижрочиларига нисбатан на сиёсий ва на юридик ҳукмлар чиқарилди. Тергов охиригача олиб борилмас ва жиноятчилар муносиб жазога тортилмас экан, ўзбек ва қирғиз жамоалари ўртасида ўзаро ишончни тиклаш қийин бўлади,- деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев БМТда сўзлаган нутқида.

Афғонистон масаласига тўхталган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бу муаммони ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигини таъкидлади.

Ғаниев ўз чиқишида шунингдек, Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан бери ўтган 20 йил давомида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда эришилган ютуқларга ҳам тўхталди.

Элёр Ғаниевнинг Вашингтонда бўладиган Ўзбекистон-Америка бизнес-форумида ҳам қатнашиши кутилмоқда.

АҚШдаги ҳуқуқ фаоллари Америка-Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташкиллаштирадиган учрашувни пикет қилишни режалаганлар.