АҚШ ва ЕИ Исроилни танқид қилди

Европа Иттифоқи ҳамда Қўшма Штатлар Исроил ҳукуматининг Шарқий Қуддусдаги баҳсли ҳудудларда яҳудий кўчманчилари учун 1100 та янги уй-жой қуриш қарорини танқид қилди.

БМТ тарафидан тан олинишни даъво қилаётган фаластинликлар Шарқий Қуддус ўзларининг пойтахти бўлишини исташади, аммо Исроил шаҳарнинг бўлинишига кескин қарши.

"Исроилнинг Шарқий Қуддусда яҳудийлар учун янги уйлар қуриш режаси унинг Фаластин билан тинчлик музокараларини истамаётганидан далолатдир", дейилади ЕИ расмийлари баёнотида.

Қўшма Штатлар Исроилни ўз режасини қайта кўриб чиқишга чақирди.

Фаластин мухторияти раҳбари Аббос 23 сентябр куни БМТ Бош Котиби Бан Ки Мун билан учрашган пайтда унга Фаластин мустақиллигини тан олиш ва Фаластинни мустақил давлат сифатида БМТ аъзолигига қабул қилишни сўраб, расман ариза топширган эди.

Фаластинликлар ўзларининг давлати чегаралари 1967 йилги чегаралар асосида барпо этилишини талаб қилмоқдалар.