АҚШ Ҳиротдаги портлашни қоралади

АҚШ расмийлари Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида 16 киши, жумладан, 11 боланинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган портлашни кескин қоралади.

27 сентябр куни Ҳиротнинг Шинданд туманида лиқ тўла автобус туйдан қайтаётиб, йўл четига ўрнатилган бомбага дуч келиб портлаган эди. Ҳужум ортида Толибон ҳаракати тургани гумон қилинмоқда.

АҚШ Давлат департаменти баёнотида бу "жиноятни содир этган террорчилар" Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш уринишларига путур етказишга ҳаракат қилаётгани таъкидланади.

Баёнотга кўра, Афғонистондаги Америка ҳарбийлари ва бошқа халқаро кучлар бу каби зўравонликларни содир этаётганларга нисбатан “босим” кўрсатишни давом эттиради.