Тожикистонда давлат тилини билмаган тожиклар ҳам ишдан бўшатилмоқда

Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга кўра, тожик тилини билиш тожик миллатига эҳтиром ифодасидир.

Тожикистонда “Давлат тили тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинганига икки йил тўлди.
Шу йил май ойи сўнгида Тожикистон парламенти бу мамлакат бир нечта қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиб, давлат идорасида ишлашни хоҳлаган кишилар учун тожик тилидан имтиҳон топширишни мажбурий қилиб қўйди.

Қонунга киритилган янгилик ортидан давлат идораларининг ҳаммасида ходимлар аттестациядан ўтказила бошланди. Ўтган бу вақт ичида тожик тилини яхши билмаган нечта ходим вазифасидан четлаштирилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Лекин давлат тилини билмагани учун бугун бекор қолган тожикистонликларни ҳар қадамда бўлмаса-да, учратиш мумкин.

Душанбелик 32 ёшли Дилрабо Россия олийгоҳларидан бирини битириб, Тожикистон Алоқа вазирлигига ишга кирганини ва тожик тилини билмагани учун шу пайтгача муаммо бўлмаганини айтади.

- Миллатим тожик. Лекин ўрта мактабни ва иккита университетни ҳам рус тилида битирганман. Тожикча сўзлашувда муаммо йўқ, аммо тожик тилида саводли ёза олмайман. Давлат идоралари ва фуқаролардан тушган хатлар ва аризаларга шу вақтгача русча жавоб қайтариб келганмиз. Лекин янги қонун қабул қилинганидан кейин талаблар кучайиб кетди, уддалай олмадим, - деди яқиндан буён ишсиз қолган Дилрабо.

Суҳбатдошимиз ўзининг давлат тилини билмагани учун ишсиз қолганини Тожикистон асосий қонунларига зид, деб билади.

Тожикистон Миллий университети аспиранти Беҳзод Асомиддинов Таълим вазирлиги йўлланмаси билан мамлакат ташқарисида ўқиб қайтган тожикистонликларнинг аксарияти тожик тилини пухта билмагани учун давлат идораларига ишга жойлаша олмаётганларини ва натижада яна хорижга қайтишга мажбур бўлаётганини айтади.

- Хорижда ўқиб, замонавий технологияни ўрганиб қайтган ёшларимиз давлат тилини билмаганлари учун бугун кўчада ишсиз қолмоқдалар. Уларнинг кўпи ночорликдан юртдан чиқиб кетмоқдалар. Менимча, қонуннавислар масаланинг бу жиҳатини ҳам ўрганиб кўришлари зарур, -дейди аспирант Асомиддинов.

4 октябр - “Тил куни” арафасида тожикистонликларни миллий байрам билан табриклаган Тожикистон давлат раҳбари Имомали Раҳмон халқига “Тожик тилини билиш тожик миллатига эҳтиром ифодаси” эканини уқтирди.

Президент Имомали Раҳмон “Давлат тилт тўғрисида” янги қабул қилинган қонун йил сайин такомиллаштирилиб борилиши ва давлат барча тадбирларида, давлатлараро ва халқаро ҳужжатларда ҳам мазкур қонун талаблари албатта инобатга олиниши зарурлигини таъкидлади.

Аммо иқтидордаги ҳукумат давлат тили бўлган тожик тилини ривожлантиришга қанчалик саъй-ҳаракат қилмасин Душанбе шаҳрида давлат идоралари ходимлари иштирокида ўтказиладиган тадбирларнинг аксариятида маърузалар кўпроқ рус тилида бўлаётгани кузатилади.

Мустақил кузатувчилар бунинг сабабини маърузачи ўз фикрини тадбир иштирокчиларига тўғри ва осон тушинтира олиши учун шундай йўл тутишида, деб биладилар.

Таҳлилчиларга кўра, Тожикистонда 2009 йилда қабул қилинган “Давлат тилт тўғрисида”ги қонун ортидан тожик тилида кўпчилик учун тушунарли бўлмаган янги форсча сўзларнинг пайдо бўлгани ана шундай муаммони юзага келтирган.