Адабиёт бўйича Нобел мукофоти швециялик шоирга берилди

Нобел мукофоти соҳиби швециялик шоир Томас Транстромер.

Адабиёт бўйича 2011 йилги Нобел мукофоти швециялик 80 яшар шоир Томас Транстромерга берилди.

Буни Швеция академиясининг доимий котиби Петер Энглунд эълон қилди.

- Адабиёт бўйича 2011 йилги Нобел мукофоти бой, бетакрор образлари билан воқеликка янгича қараш бергани учун швециялик шоир Томас Транстромерга берилди,- деди Петер Энглунд.

Маълумоти бўйича руҳшунос бўлган Томас Транстромер ўзининг биринчи асарлар тўпламини ўтган асрнинг 50-йилларида чоп қилган.

Ўз ижоди давомида у Швеция, Германия ва бошқа давлатлар мукофотларига сазовор бўлган.

Нобел қўмитаси душанба кундан бери тиббиёт, физика ва кимё соҳалари бўйича 2011 йилги Нобел мукофоти соҳибларини эълон қилди.

Дунёдаги энг нуфузли мукофотни берадиган Швеция академияси сўнгги дақиқагача унинг соҳиби исмини сир тутиши одатда турли миш-мишларга сабаб бўлади.

7 октябрда Нобел тинчлик мукофоти ва 10 октябрда иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти кимларга насиб этгани эълон қилинади.

Нобел мукофотининг пули 10 миллион швед кронаси, яъни, бир миллион 460 минг АҚШ долларига тенг.