АҚШ Афғонистонни истило қилганига 10 йил тўлди

Бугун АҚШ етакчилигидаги халқаро қўшинлар Афғонистонга қарши қуролли ҳужум бошлаганига 10 йил тўлади.

АҚШ ва Британия ҳарбийлари бошлаб берган мазкур ҳарбий истило 2001 йил 11 сентябр ҳужумларини уюштиргани айтиладиган Ал-Қоида ва Толибон жанггариларининг Афғонистондаги қароргоҳларини йўқ қилишни мақсад қилган эди.

Ҳарбий амалиëтларнинг биринчи ҳафталаридаëқ Толибон режими ағдарилди ва Афғонистон ҳукумати тепасига АҚШ маъмурияти таянчини қозонган Ҳамид Карзай келтирилди.

Аммо орадан 10 йил ўтиб ҳам¸ АҚШ ва НАТОнинг 150 мингга яқин қўшини Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга қаратилган амалиëтларни давом эттирмоқда.

Ўн йиллик уруш оқибатида минглаб афғонистонлик тинч аҳоли нобуд бўлди¸ айни пайтда 2700 хориж аскари афғон тупроғида ўлдирилди. Улардан 1700 нафари Америка ҳарбийларидир.

Афғонистонда Карзай ҳукумати ва унинг НАТОдаги иттифоқчиларига қарши курашаëтган жанггарилар хуружи камаймаëтган бўлса-да¸ 2014 йилга қадар халқаро қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиб¸ хавфсизлик устидан назоратни маҳаллий қуролли кучларга топшириши белгиланган.

Оқ уйнинг хабар қилишича¸ президент Барак Обаманинг бугунги кун тартибига Афғонистонга АҚШ етакчилигида уруш бошланганининг 10 йиллигига бағишлаб махсус тадбир ўтказиш режаси киритилмаган.