ЕИ Эрон ва Беларус мулозимлари қора рўйхатини узайтирмоқчи

Катрин Аштон.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари инсон ҳуқуқларини ҳануз топтаётган Эрон ва Беларус режимига яқин бўлган шахсларга санкция қўллаш масаласини муҳокама қиладилар.

Хабарларга кўра, ЕИ Ташқи ишлар вазирларининг бугун Люксембургда учрашиб, иттифоққа кириши тақиқланган ва бу ҳудуддаги банк ҳисоб рақамлари музлатилган эронликларнинг 32 кишилик рўйхатини қарийб икки баробарга узайтириши кутилмоқда.

192 беларус номи киритилган қора рўйхатнинг ҳам Беларус президенти Александр Лукашенко режимига яқин кишилар номи билан узайтирилиши кутилмоқда.

Шунингдек, вазирлар шу йил октябр ойи охирида якунига етадиган Беларус ҳукуматига қарши санкциялар муддатини ҳам узайтириши кутилмоқда.

ЕИнинг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Катрин Аштон бугунги учрашув олдидан Беларус ҳукуматига яна бир бор сиёсий маҳбусларни озод қилиш тўғрисидаги ЕИ чақириғини эслатди.

- Беларусда ҳибсда қолаётган барча сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши, реабилитация қилиниши ва бизнинг Беларус халқи билан мулоқотда бўлишга қаратилган давомли хавотирларимиздан сиз хабардорсиз, - деди Катрин Аштон.