Жо Байден: Саудия элчисига қарши суиқасд режаларига Эрон жавобгар

АҚШ вице-президенти Жо Байден Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчисига қарши суиқасд режаларига Эрон жавобгар, деб айтди.

Эронга алоқаси бор шахслар томонидан Саудия Арабистони элчисига қарши суиқасд режалари фош этилиши ортидан Қўшма Штатлар Теҳрон ҳукуматига нисбатан қатъийроқ чора қўллаш ҳаракатида.

АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон Вашингтон халқаро иттифоқчилари билан маслаҳатлашиб, Эронга қатъий огоҳ бериш йўллари кўриб чиқилиши ҳақида айтди.

Эрон Инқилоб Посбонлари томонидан бошқарилган, дея айтилаётган суиқасд режасига алоқадорликда гумон қилиниб икки эронлик шахсга айбловлар қўйилган.

Эрон бу айбловларни рад этган. АҚШ расмийлари эса суиқасд Эронда режалангани, молиялангани ва ўша ердан бошқарилганини иддао қилишмоқда.