Покистонда Ҳаққоний тармоғи лидерларидан бири йўқ қилинди

АҚШ расмийлари Афғонистондаги АҚШ етакчилигидаги коалиция кучларига қарши ҳужумлар уюштириб келган Ҳаққоний тармоғи лидерларидан бири Покистонда ўлдирилганини хабар қилди.

Жамил номи билан танилган Жонбоз Задран АҚШнинг одамсиз учқичи Покистоннинг Шимолий Вазиристон вилоятидаги Ҳаққоний қароргоҳи ҳисобланган Мираншох шаҳрида амалга оширган ҳужумда ўлган.

Расмийларга асосланиб Ассосиэйтед пресс ва Франс пресс ахборот агентликларининг хабар қилишича, Задран Ҳаққоний тармоғига пойтахт Кобул ва Афғонистон жанубида ҳужумлар амалга оширишида ёрдам бериб келган.

Ҳаққоний тармоғини Афғонистондаги энг жиддий хавф деб бахолаган АҚШ разведка хизмати Ҳаққоний тармоғи Покистон хавфсизлик хизмати томонидан қўллаб-қувватланганини иддао қилган.

Покистон расмийллари бу иддаони рад қилган.