Тошкентда инсон ҳуқуқлари бўйича ресурс маркази ташкил этилди

Маҳаллий ва халқаро ташкилотлар тадқиқотларига кўра, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўта аянчлидир.

Бу марказ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамкорлигида тузилди.
Ўзбекистон ИИВ сайтида хабар берилишича, инсон ҳуқуқлари марказининг куни кеча бўлиб ўтган очилиш маросимида “ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Иштван Венцель, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Сайёра Рашидова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг масъуллари ва бошқалар иштирок этганлар.

“Тўпланганлар марказнинг имкониятлари билан танишишди, ички ишлар идоралари ходимларининг, қолаверса, оддий фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги билими ва маданиятини оширишдаги аҳамияти борасида тасаввурга эга бўлишди, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди”, дейилади Ўзбекистон ИИВ хабарида.

Аснода маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳали-ҳануз жуда ачинарли эканини қайд этмоқдалар. Жумладан, бундай эътироф ўтган ой сўнгида Халқаро Амнистия, Озодлик уйи, Ҳюман райтс уотч, Очиқ жамият институти, Халқаро бўҳронлар гуруҳи, Ўзбекистон-Германия форуми, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари, Ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари халқаро форуми ва бошқа нуфузли ташкилотлар томонидан АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга йўлланган мактубда акс этганди.

Жаҳондаги энг репрессив мамлакатлардан бири бўлган Ўзбекистонга ёрдам дастурларига қўйилган чеклов олиб ташланиши юзасидан хавотир изҳор этган мактуб муаллифлари “Ўзбекистонда фуқаровий жамият фаоллари, мустақил журналистлар ва мухолифат аъзолари қатағон қилинаётган, сўз ва дин эркинлиги ўта абгор бўлган, болалар меҳнати кўламли тарзда суиистеъмол этилаётган бир пайтда расмий Тошкент билан олди-бердиларни тиклаш ноўрин” эканини таъкидлагандилар.

Бундай мактуб ёзилишига 21 сентябр куни АҚШ Сенати қўмитаси Ўзбекистонга ҳарбий ҳамда молиявий ёрдамлар учун йўл очувчи қонун лойиҳасини маъқуллагани сабаб бўлганди.

Эслатамиз, 2004 йилда Қўшма Штатлар инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш шарти билан Ўзбекистонга нисбатан санкциялар жорий этганди. Ўтган ойда бу чекловларнинг олиб ташланишини таҳлилчилар халқаро коалиция кучларининг Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишда Ўзбекистонга муҳтож бўлиши билан боғламоқдалар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши бўйича рейтинг рўйхатларида сўнгги бир неча йил ичида энг қуйи позицияларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, Freedom House (Озодлик уйи) халқаро ташкилотининг “Ёмонларнинг ёмони 2011: дунёнинг энг репрессив жамиятлари” деб номланган ҳисоботида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари вазияти ўта ёмон бўлган тўққиз мамлакат қаторига киритилганди. Бу рўйхатда Ўзбекистон Бирма, Экваториал Гвинея, Эритрея, Ливия, Шимолий Корея, Сомали, Судан ва Туркманистон каби дунёнинг энг репрессив давлатлари билан бирга саналган.