Клинтон Покистонга борди

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон президент Обама мамъмурияти мулозимларидан иборат йирик делегация билан Покистонга келди. Исломобод етакчилари билан музокараларда Клинтон ўз таъбири билан айтганда, уларни қўшни Афғонистонда маҳаллий ва халқаро кучларга ҳужум уюштириб келаётган жанггари гуруҳлар билан алоқаларни узиш тўғрисида қатъий огоҳлантириш ниятидадир.

Клинтон Исломободга Афғонистондан учиб келди. Пайшанба куни АҚШ давлат котиби билан учрашган Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай Покистондаги кучлар Толибон ва бошқа жанггари гуруҳларни қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади.

Клинтон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш уринишларида Покистоннинг ҳамкорлиги муҳимдир, деди. Покистон раҳбарияти билан учрашув чоғида ўзи етакчилик қилаётган делегация аъзолари Исломободни жанггариларга қарши чора кўриш ва уларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш борасида босим ўтказади, дея маълум қилди Клинтон.
Клинтонга ҳамроҳлик қилаётган делегацияда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) раҳбари Дэвид Петреус ва Ҳарбий штаблар бошлиқлари қўшма кенгаши раиси генерал Мартин Дэмпси ҳамда Оқ уй, пентагон ва Давлат департаменти мулозимлари бор.

22-23 октябр кунлари Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Бугун эса, АҚШ давлат котиби Тожикистонга боришни режалаштирган.