Қаддафий ўлдирилиши байрам қилинмоқда

Ливияликлар пойтахт Триполи ва бошқа шаҳарларда Муаммар Қададфийнинг ўлдирилганини байрам қилмоқда.

Халқаро ҳамжамият ҳам Ливияни 42 йил давомида бошқарган 69 ёшли Қаддафийнинг йўқ қилинганини олқишлади.

АҚШ Президенти Барак Обама Қаддафийнинг ўлими Ливия халқи учун узоқ давом этган оғриқли даврнинг тугашини англатади, дея баён қилди.

- Бу Ливия тарихидаги муҳим кундир. Зулмнинг қора кўланкаси олиб ташланди. Бу буюк умидбахш кунда Ливия халқи зиммасига Қаддафий диктаторлигининг акси бўлган, барча томонлар иштирокидаги толерант ва демократик Ливияни қуриш масъулияти тушади, деди Обама.

Муваққат ҳукумат раиси Маҳмуд Жибрил Ливиянинг тўла озод қилингани пайшанба ёки жума куни эълон қилинади, дея маълум қилди. Унинг айтишича Қаддафий бошига теккан ўқдан ўлган.

Ўтиш даври миллий кенгаши расмийлари Қаддафийни ўлдиришга буйруқ берилмагани, у ушланганидан кейин собиқ етакчи тарафдорлари билан исёнчилар ўртасида чиққан отишма натижасида ҳалок бўлганини айтишмоқда.

Қаддафий шу йил бошида кўтарилган исён фуқаровий урушга айланиб кетгани оқибатида ҳокимиятдан ағдарилди. Қаддафийни ағдаришда исёнчиларга НАТО кучлари ҳаводан ёрдам берди.

Шунингдек муваққат расмийларнинг айтишича, Қаддафий ўғилларидан бири Мутассим ҳам уни қўлга олганларга қаршилик кўрсатган пайтда ўлдирилганини айтишмоқда.

Қаддафийнинг вориси деб кўрилган ўғли Сайф ал-Исломнинг тақдири аниқ эмас. Баъзи хабарларга кўра, у ё қўлга олинган, ё Сиртдан қочаётган пайтда ўлдирилган.