Халқаро ҳамжамият Қаддафий ўлими юзасидан текширув ўтказишга чақирмоқда

Халқаро ҳамжамият Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши раҳбарларини ҳокимиятдан ағдарилган Муаммар Қаддафий қандай ўлгани ҳақида аниқ маълумот беришга чақирмоқда.

Ливия собиқ раҳбари Қаддафий 20 октябр куни ўлдирилган.

Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши жангчилари қуршовида қолган Қаддафий ўзи туғилган Сирт шаҳри яқинида олдин тирик, кейин ўлик ҳолда тасвирланган видеолавҳа намойиш қилинган эди.

Шу боис кўпчиликда Қаддафий қатл қилинганми, деган савол пайдо бўлди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ олий комиссарли Нави Пиллей ва Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қаддафий ўлими юзасидан текширув ўтказишга чақирди.

АҚШ Давлат департаменти Ливия Ўтиш даври миллий кенгашини Қаддафий қандай шароитда, нима сабабга кўра ўлгани тўғрисида “шаффоф” ҳисобот беришга даъват қилди.

Ўтиш даври миллий кенгаши Қаддафий унинг тарафдорлари билан янги ҳукумат жангчилари ўртасида содир бўлган отишма пайтида ҳалок бўлганини маълум қилган эди.