Лужков сўроққа чақирилди

Москва шаҳри собиқ мэри Юрий Лужков “Москва Банки”да катта миқдордаги маблағ ўзлаштирилиши муносабати билан очилган жиноят иши доирасида гувоҳ сифатида сўроққа чақирилди.

Бу ҳақда "Интерфакс" агентлигига Лужковнинг ўзи хабар қилди ва ҳозирда чет элда эканлиги, терговчи ҳузурига Россияга қайтганидан сўнг боражагини қўшимча қилди.

Тергов маълумотларига кўра, “Москва Банки”нинг собиқ раҳбарияти Москва собиқ мэрининг турмуш ўртоғи Елена Батуринага алоқадор ширкатларга қайтариш кафолати таъминланмаган 13 миллиард рублли кредит берган.

“Москва Банки”нинг собиқ раҳбарлари Андрей Бородин ва Дмитрий Акулининларга сиртдан фирибгарликда айблов эълон қилинган ва улар халқаро қидирувга берилган.