Туркманистондаги Озодлик мухбири озод қилинди

Туркманистон президенти эълон қилган аминистияга мувофиқ¸ Озодлик радиосининг мамлакатдаги мухбири Давлатмурод Ëзгулиев бугун тонгда озод этилди. Бу ҳақда у билан Ашхободда учрашган яқинлари хабар қилди.

43 ёшли Давлатмурод Ёзгулиев жорий йилнинг 27 сентябр куни Ахал вилоятидаги уйида ҳибсга олинган эди.

4 октябр куни бошланиб¸ эртасига ҳукм чиқарган Ахал вилояти Қақа туман Жиноий ишлар суди Давлатмурод Ёзгулиевни 5 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Суд ҳукмига кўра, Ёзгулиев яқин қариндошини ўз жонига қасд қилишга мажбур қилганликда айбдор деб топилди.

2007 йилдан буён Озодлик радиосининг туркман хизматида мухбирлик қилиб келган Ëзгулиевнинг ўз журналистик фаолияти учун қамалганига эътироз билдирган қатор халқаро ташкилотлар¸ шунингдек АҚШ ҳукумати¸ Ашхобод раҳбариятидан уни озод қилишни сўраëтган эди.

27 октябр куни нишонланадиган Туркманистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияга мувофиқ¸ 1700 маҳбус озодликка чиқариладиган бўлди.