Қирғизистонда ўзбеклар раҳбарлари сиртдан жазога тортилди

Қирғизистондаги ўзбеклар раҳбарлари Қодиржон Ботиров ва Ином Абдурасулов сиртдан умрбод қамоқ жазосига тортилди.

Уларни мол-мулки давлат ҳисобига мусодара этиладиган бўлди. Бу ҳақдаги ҳукм Жалолобод шаҳар судида бугун ўқиб эшиттирилди.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари Ботиров ва Абдурасуловни ўтган йил июл ойида қирғизлар билан ўзбеклар ўртасида миллий низони қўзғашда айблаган.

Қирғизистон Қодиржон Ботировга нисбатан Интерпол орқали қидирув эълон қилган, Қирғизистон Бош прокуратураси Украинадан уни экстрадиция қилишни сўраган.

Айбланувчиларнинг ҳимоячилари бугунги суд ҳукми юзасидан юқори инстанцияга арз қилишларини билдиришди.