Яманда зўравонликлар давом этмоқда


Ямандаги зўравонликлар оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, 40дан зиёд одам жароҳатланди.

Шифокорлар ва ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, бугун Таез шаҳрида ҳукумат кучлари билан Али Абдуллоҳ Солиҳ истеъфосини талаб қилаётган норозилар ўртасида келиб чиққан тўқнашув оқибатида камида 10 одам ҳалок бўлган.

Мамлакат пойтахти Санаадаги намойишлар чоғида эса уч киши қурбон бўлган.

Яманни 33 йилдан бери бошқариб келаётган президент Али Абдуллоҳ Солиҳнинг истеъфога чиқишини талаб қилаётган мухолифат ва ҳукумат кучлари ўртасида тўққиз ой олдин бошланган қарама-қаршилик кун сайин кучаймоқда.

Ўтган ҳафта бошида Али Абдуллоҳ Солиҳ сиёсий босимлар боис истеъфога кетмоқчи экани ҳақида АҚШ элчисига маълум қилган эди.

Ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, феврал ойида аксил-ҳукумат чиқишлари бошланганидан бери 1300 дан зиёд одам қурбон бўлди.