Тимошенкога яна тўртта айблов эълон қилинди

Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенко.

Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенконинг адвокати Сергей Власенко прокурорлар Тимошенкога нисбатан тўртта янги айблов эълон қилганини билдирди.

Власенко янги айбловларнинг ҳаммаси солиқ тўловлари, хусусан, 90-йилларда Украинага газ импорти билан шуғулланган ширкатга Тимошенко раҳбарлик қилган пайтдаги фаолият билан боғлиқ эканини маълум қилди.

11 октябр куни Киев суди Тимошенкони 2009 йилда Россия билан газ бўйича шартномани қонунга зид равишда имзолаб, лавозимини суиистеъмол қилганликда айбдор, деб топиб 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Суд ҳукмига кўра, Тимошенконинг уч йил давомида давлат лавозимларида ишлаши тақиқланди.

Украинадаги энг машхур мухолифат лидерларидан бири Юлия Тимошенко президент Виктор Янукович томонидан уюштирилган сиёсий ўч олишнинг қурбони бўлганини айтган.

Тимошенко ўзига қўйилган барча айбловни рад қилган.