Россия президенти ХВЖ раҳбари билан учрашди

Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристин Лагард Москвада Россия Президенти Дмитрий Медведев билан учрашди.

Сўзлашувда Европадаги қарзлар билан боғлиқ бўҳрон ва уни ҳал қилишда Россиянинг эҳтимолий иштироки муҳокама этилиши кутилмоқда.

“Катта йигирмалик”нинг ўтган ҳафта бўлиб ўтган саммитида евро ҳудудидаги молиявий бўҳрондан азият чекаётган давлатларга ёрдам кўрсатиш борасида жиддий қарорлар қабул қилинмади.

Лагард билан учрашув бошида Медведев саммит натижалари ҳамда глобал иқтисодиёт билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишга тайёр эканини айтди.

Ундан олдин Россия БРИКС ташкилотига аъзо мамлакатлар евро ҳудуди давлатларига молиявий ёрдам кўрсатишга тайёр экани, бироқ бу Халқаро валюта жамғармаси орқали амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлишини билдирган.

БРИКС ташкилотига Бразилия, Жанубий Африка, Россия, Ҳиндистон ва Хитой аъзо.

Кристин Лагард Россиядан кейин Хитой ва Японияга сафар қилади.