Грецияда янги бош вазир масаласида келишилди

Евангелос Венизелос ва Лукас Пападемослар бош вазирликка асосий номзодлар сифатида кўрилмоқда.

Грециядаги асосий икки партия муваққат бирлик ҳукуматига етакчилик қиладиган янги бош вазирни танлаш масаласида келишишган.

Грециянинг NET давлат телевидениясининг хабар қилишича, янги бош вазир ким бўлиши бугун эълон қилинади.

Грециянинг жорий бош вазири Георгиос Папандреу ва мамлакат мухолифати етакчиси Антонис Самарас кеча бу масала бўйича сўзлашувлар ўтказган эди.

Янги коалицион ҳукуматга мамлакат молия вазири Евангелос Венизелос ва Европа Марказий банки раиси собиқ ўринбосари Лукас Пападемослар асосий номзодлар сифатида кўрилмоқда.

Айни пайтда Евро ҳудудга кирувчи мамлакатлар раҳбарлари Грециядаги коалиция таркибига кирувчи партияларни иқтисодий ислоҳотларни давом эттиришга чақирмоқда.

Европа раҳбарлари Грецияга 130 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш эвазига Афина ҳукуматидан бюджет харажатларини қисқартириш ва халқ норозилигига сабаб бўлаётган иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни талаб қилган.