Медведев рус учувчиларининг Тожикистонда қамалишидан таажжубда

Россия президенти Дмитрий Медведев мамлакат Ташқи ишлар вазири ҳамда Адлия вазирига Тожикистонда саккиз ярим йилга қамалган Россия ширкати учувчиларининг ишини кўриб чиқишга топшириқ берган.

"Тожикистонда учувчиларнинг қамалиши кўплаб саволларни ўртага чиқармоқда", - деб айтган Медведев.

Сешанба куни Тожикистоннинг Қўрғонтеппа шаҳар суди россиялик Владимир Садовничий ва эстониялик Алексей Руденкони чегардан ноқонуний тарзда ўтиш, контрабанда ва халқаро ҳаво йўллари қоидаларни бузиш айбловлари билан 8 ярим йил қамоқ жазосига ҳукм этган эди.

Россиянинг Rolkan Investmens Ltd ширкати учувчилари, россиялик Владимир Садовничий ҳамда эстониялик Алексей Руденко маҳкама жараёнида ўзларига қўйилган айбловларни рад этган.

Уларнинг адвокати эса суд давомида айблар етарли исботланмаганини айтган. Адвокат Ғулом Бобоев суд ҳукми юзасидан юқори турувчи инстанцияга арз қилажагини билдирди.

Россиялик учувчилар шу йилнинг баҳорида Қўрғонтепа шаҳри аэропортида ҳибсга олинган эди.

Тергов хулосасига кўра, улар Тожикистон ҳудудига ноқонуий ўтиб, нархи 225 минг доллар турадиган учқич двигателини Россияга хуфёна тарзда олиб кетмоқчи бўлишган.