БМТ Фаластинни ташкилотга аъзо этиш масаласини мухокама этади

БМТ Хавфсизлик кенгаши бугун Фаластинни ташкилотга тўлақонли аъзо этиб қабул қилиш масаласини мухокама этади.

Сентябр ойида Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос расман БМТ Бош котиби қўлига Фаластинни тўлақонли давлат сифатида тан олиш сўралган аризани топширган эди.

Кейинчалик ЮНЕСКО Фаластинни ташкилотга аъзо этиб қабул қилди. ЮНЕСКОнинг Фаластинни ўз сафига киритиш қарори Исроил ва Қўшма Штатларнинг кескин танқидларига учради.

Қўшма Штатлар БМТнинг ушбу ташкилотига берилажак барча ёрдамларини дарҳол тўхтатаётганини эълон қилди.

АҚШ Фаластин мустақил давлат бўлиши мумкин, аммо БМТда овозга қўйиш орқали эмас, балки Исроил билан музокаралар орқали, деб талаб қилмоқда.

Фаластин эса Исроил Иордан ғарбий соҳилидаги қурилишларни тамомила тўхтатмас экан, ҳеч қандай тинчлик музокараларига қайтмаслигини билдирган.