Сурия Араб Лигаси анжуманида иштирок этмайди

Сурия мухолифати Ассад кетишини истайди.

Сурия Марокаш пойтахти Работ шаҳрида ўтадиган Араб Лигасига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари йиғинида қатнашмайди.

16 ноябр куни ўтказилиши кутилаётган бу йиғилишда Сурияда давом этаëтган тартибсизликлар муҳокама қилинади.

Сурия расмийлари ўзларининг бу мажлисда қатнашмаслиги сабабини айтишмади.

Араб Лигаси ўтган якшанба куни Суриянинг ушбу ташкилотдаги аъзолигини тўхтатиш учун овоз берди.

Араб Лигаси расмий Дамашқнинг мухолифатга нисбатан тазйиқларини қоралади.

БМТга кўра, уч ярим мингдан зиëд суриялик ҳукумат тазйиқлари қурбони бўлган.

Бундан олдин Башар Ассад ҳукумати Араб Лигасининг муаммо ечимига оид таклифларини қабул қилган эди.

Бу таклифлар қамоқдаги мухолифат фаолларини озод қилиш¸ хавфсизлик кучларини шаҳар кўчаларидан чиқариш ва мухолифат билан музокаралар столига ўтиришни ўз ичига олган эди.

Айни пайтда Сурия расмийлари тинч намойишчиларга қарата куч қўллашда давом этмоқда.