Ғарб давлатлари Эронга қарши янги санкциялар жорий қилди

Британия ва Канада Теҳроннинг ядровий дастури юзасидан Эронга қарши янги санкциялар жорий қилиб, Эрон банклари билан алоқани тўхтатди.

Британия молия вазири Жорж Осборн Лондон ҳукумати қабул қилган қарор ҳақида ББСга буларни айтди.

- Биз Британия молия тизими ва Эроннинг банклари ўртасидаги барча алоқани тўхтатяпмиз. Эрон банклари мамлакат ядровий дастурини молиялаштиришда иштирок этаётгани ҳақида халқаро далиллар бўлгани сабабли биз шундай қиляпмиз. Биз буни нафақат дунё хавфсизлиги учун, балки Британия миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун қилаяпмиз, - дея баёнот берди Жорж Осборн.

Кейинроқ Канада ташқи ишлар вазири Жон Баирд Канада “Эрон билан барча пул ўтказмаларини тўхтатиши, жумладан, Эрон Марказий банки билан алоқа тўхтатилишини эълон қилди”, дея билдирди.

Канада ҳукумати асли эронлик бўлган канадаликларнинг Эронга пул жўнатишини таъқиқламади.