Сайфул Ислом ва Сенуссий Ливияда суд қилинади

Libya -- A combo photo shows Saif Al-Islam (L), son of Muammar Qaddafi, and Abdullah Al-Senussi, head of the Libyan Intelligence Service

Ҳаагадаги Халқаро Жиноят суди бош прокурори Ливия янги ҳукумати ўлдирилган диктатор Муаммар Қаддафийнинг ўғли Сайфул Исломни суд қилишга ҳақли экани ҳақида баëнот берди.

Сайфул Ислом қўлга олинишидан аввал Халқаро Жиноят суди унга¸ қолаверса Ливия махфий хизматларининг собиқ раҳбари Абдуллоҳ ал-Сенуссийга инсониятга қарши жиноят содир этганлик айби билан жиноий иш очган эди.

Қулаган режимнинг икки муҳим расмийси қўлга олинганидан сўнг Триполига келган Халқаро Жиноят суди бош прокурори Луи Морено-Окампо Сайфул Ислом ва Сенуссийнинг Ливия ичкарисида маҳкамага тортилиши муҳим эканини таъкидлади:

- Бугун Ливияда янги ҳукумат ўрнатилди ва бу ҳукумат Сайфул Ислом билан Абдуллоҳ ал-Сенуссийни ўзи суд қилишга ҳақлидир. Бизнинг қоидаларимизга кўра¸ миллий судлов тизими устивордир. Агар Ливия адлия идоралари тегишли амалларни амалга оширса¸ Халқаро Жиноят суди бу жараëнга аралашмайди¸ деди халқаро суд бош прокурори Ливия янги раҳбарлари билан музокаралардан сўнг.

Айни пайтда¸ Морено-Окампо¸ Халқаро Жиноят суди собиқ режим амалдорларини судлашда Ливия расмийларига ëрдам беражагини ҳам қўшимча қилди.

Сешанба куни Ливия муваққат Бош вазири Абдулраҳим ал-Киб тақдим этган янги ҳукумат таркиби Ўтиш даври миллий кенгаши томонидан маъқулланди.

Мамлакат миллий конгрессига сайловларнинг келаси йил июн ойи охирига қадар ўтказилиши кутилмоқда.