Мисрда армия ҳукмронлигига қарши норозилик давом этмоқда

Мисрдаги минглаб намойишчилар мамлакатдаги армия бошқарувига қарши норозиликларни бугун яна давом эттирмоқда. Бугун Қоҳирадаги Таҳрир майдони яна асосий норозилик марказига айланди.

Намойишчилар барча мисрликларни жума намозидан сўнг ҳокимиятни фуқаровий бошқарувга ўтказишни тезлатиш борасида мамлакат ҳарбийларига босимни кучайтириш мақсадида майдонларга чиқишга даъват қилди.

Маҳаллий нашрларнинг билдиришича¸ Ҳусни Муборак ҳокимиятдан ағдарилганидан бери мамлакатни бошқараëтган Ҳарбий кенгаш 78 яшар собиқ Бош вазир Камол Ғанзурийдан миллий қутқариш ҳукумати тузишни сўраган.

Ҳозирча Ғанзурийнинг бу сўровни қабул қилган-қилмаганига оид расмий маълумот йўқ.

Ҳафта давомида содир бўлган зўравонликлар оқибатида камида 41 одам нобуд бўлди.

Айни пайтда¸ Қоҳирадан олинган кейинги хабарларга кўра¸ сунний мусулмонларнинг энг нуфузли маркази ҳисобланган Ал-Азҳар масжидининг имом хатиби Шайх Аҳмад ал-Тоййиб Таҳрир майдонидаги намойишчилар билан бирдамлигини изҳор қилди.

Шайх ëрдамчиси Ҳасан Шафий бугун намойишчилар олдига чиқиб¸ “имом хатиб сизни қўллаб-қувватлайди ва сизнинг ғалабангиз учун дуо қилади” дея баëнот берди.

Кузатувчилар фикрича¸ Миср президенти томонидан тайинланадиган Ал-Азҳар уламолари ҳукумат позициясига қарши баëнот бермаслиги инобатга олинса¸ Шайх Аҳмад ал-Тоййибнинг ҳукмрон ҳарбийларга қарши чиқаëтганларни қўллаши фавқулодда ҳодисадир.