Араб Лигаси Сурияга қарши янги санкцияни муҳокама қилади

Бугун Араб Лигасига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари учрашиб, намойишчиларга қарши куч қўллаётган Сурия ҳукуматига нисбатан янги санкция қўллаш масаласини муҳокама қиладилар.

Шанба куни лиганинг молвия вазирлари жазо чоралари, жумладан, Сурия билан савдо алоқаларини тўхтатиш ва ҳукумат вакилларининг ҳисоб рақамларини музлатиш масаласини кўриб чиқди.

Бундай чоралар Сурия ҳукумати мамлакатдаги вазиятни ўрганишни ният қилган кузатувчиларни ичкарига қўймагани ортидан кўрилмоқда.

Бу эса Араб Лигаси томонидан мамлакатда авж олаётган зўравонликни тўхтатишга эришиш учун тузилган режанинг бир қисми эди.

БМТ берган маълумотга кўра, шу кунга қадар Сурияда 3 ярим минг намойишчи ўлдирилган.

Сурияда айни кунларда ҳам намойишлар давом этмоқда ва сўнгги хабарларга кўра, 26 ноябр куни Ҳомс ва Қусайр шаҳарларида яна 27 намойишчи ўлдирилган.