Покистонда НАТО ҳужумига қарши намойишлар ўтказилди

Кеча Покистон бўйлаб юзлаб намойишчилар 24 аскарнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган НАТО ҳужумига норозилик билдириб кўчага чиқди.

Қарачидаги АҚШ консулиги олдида ўтказилган энг йирик намойиш иштирокчилари президент Барак Обама қўғирчоғини ёқиб, “америкаликлар йўқолларинг; Покистон бизники; армиямиз билан бирдаммиз” дея хитоб қилдилар.

Пешоварда армия генерали Ашфақ Парвез Каяний ҳарбий қароргоҳда ўтказилган жанозага бошчилик қилди.

Шанба куни қабилалар назоратидаги Моҳман минтақасидаги чегара постида рўй берган воқеа Покистон билан АҚШ ва НАТО ўртасидаги муносабатларни янада таранглаштирди.

Ҳодиса ортидан Покистон ўз ҳудудидан Афғонистондаги НАТО кучлари учун юкларни транзит қилишни тўхтатишини эълон қилди ва мамлакатдаги базалардан бирида жойлашган АҚШ ҳарбийларидан уни тарк этишни талаб қилди.

Покистон Ички ишлар вазири Раҳмон Малик Исломободда қилган чиқишида бундай деди.

- Бу ҳужумни биргина мен эмас, бутун миллат қоралайди. Бундай ҳодиса иттифоқчиларимиз томонидан содир этилишини кутмаган эдик.
Покистон Ташқи ишлар вазири Ҳина Раббони Хар АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга қўнғироқ қилиб, Покистон ҳаво ҳужумидан “қаттиқ ғазабга келганини” билдирди.

Клинтон ва АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта одамлар ҳалок бўлгани юзасидан “чуқур ҳамдардлик” изҳор қилиб, қўшма баёнот эълон қилдилар.

НАТО воқеа хусусида узр сўраб, уни “исталмаган фожиавий ҳодиса” дея атади.