ЕИ Эронга нисбатан санкция қўллашга қарор қилди

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари бугун Брюсселда ўтган йиғинда Эронга қарши санкциялар қўллашга қарор қилди.

Эроннинг 180 расмийси ва ширкатларига қарши жазо чораларини кўзда тутувчи мазкур санкциялар БМТ Атом Агентлигининг Эрон "ядровий қурол яратишга" алоқадор синовларни ўтказгани ҳақидаги ҳисоботи ҳамда Британиянинг Теҳрондаги элчихонаси сешанба куни ҳужумга учраши ортидан ортидан эълон қилинди.

Сешанба куни эронлик намойишчилар Теҳрондаги Британия элчихонасига бостириб кириб, ойналарни синдирди ҳамда битта машинани ёқиб юбори ва Британия байроғини куйдирган эди.

Мазкур ҳужум ортидан Британия Лондондаги Эрон элчихонаси дарҳол ёпилишини буюрди.

Британия ҳукумати сешанба куни ҳужумга учраган Теҳрондаги элчихонасини ҳам ёпмоқда.

Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг парламент олдида қилган чиқишида эронлик барча расмийлар 48 соат ичида мамлакатдан чиқариб юборилишини маълум қилган эди.