Жанубий Осетияда вазият қалтислиги айтилмоқда

Жанубий Осетия Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) раиси Грузиянинг айримачи минтақасидаги вазият қалтис экани ва назоратда чиқиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Борис Аттоев Цхинвалидаги йирик намойиш иштирокчиларининг баъзилари “ноқонуний ҳаракатларни содир этишга” провокация қилинаётганига оид далиллар борлигини таъкидлади. Лекин провокация ким томонидан уюштирлаётганини КГБ бошлиғи аниқлаштирмади.

Сайловдан четлатилган президентликка номзод Алла Жиоева тарафдорлари пайшанба куни ҳукумат биноси томон юриш қилдилар.
КГБ раиси Аттоевнинг айтишича, баъзи намойишчилар ҳукумат биносига ҳужум қилишга гиж-гижланмоқда.

27 ноябр кунги президент сайлови дастлабки натижаларига кўра, Жиоева ғалаба қилгани маълум бўлгач, Жанубий Осетиядаги вазият таранглашди.