Боннда Афғонистон келажагига оид анжуман иш бошлади

Бугун Бонн шаҳрида Афғонистондан 2014 йилда НАТО қўшинлари олиб чиқилганидан кейинги вазият муҳокамасига қаратилган халқаро анжуман иш бошлади.

Германия Ташқи ишлар вазири Гвидо Вестервелле Афғонистон бундан кейин ҳам "ташлаб қўйилмаслиги" ва халқаро ҳамжамият бу давлатга 2024 йилга қадар ёрдам беришини айтди.

Худди шундай анжуман Бонн шаҳрида бундан 10 йил муқаддам — 2001 йилда Толиблар АҚШ етакчилигидаги халқаро қўшинлар томонидан Афғонистон ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг ўтказилган эди.

5 декабр куни иш бошлаган анжуманда 85 давлат ва 16 та халқаро ташкилотдан борган вакиллар, жумладан, Афғонистон президенти Ҳамид Карзай, АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий иштирок этмоқда.

НАТОнинг 24 покистонлик аскар ўлимига сабаб бўлган ҳужумидан сўнг Покистон бу анжуманга бойкот эълон қилган эди.

Ҳозирданоқ бу ҳолат анжуманда жиддий қарорга эришиш имконини шубҳа остига қўйётгани айтилмоқда.