Бонн анжуманида Афғонистонга ёрдамлар давом этиши билдирилди

Германиянинг Бонн шаҳрида йиғилган жаҳон етакчилари Афғонистонни 2014 йилда ғарб қўшинлари бу мамлакатдан чиқарилганидан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга келишган.

Афғонистон билан узоқ муддатли халқаро ҳамкорлик, афғон хавфсизлик кучлари ходимларини тайёргарликдан ўтказиш ва мамлакат иқтисодини тиклаш учун ёрдамлар 2014 йилда халқаро қўшинлар бу мамлакатдан чиқарилагнидан сўнг ҳам давом этиши анжуманда таъкидланди.

Бонн анжуманида қарийб 100га яқин давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Улар орасида АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон ҳам бор. Лекин, Афғонистон масаласида асосий ўйинчи ҳисобланган Покистон ва Толибон анжуманда қатнашмади.

Покистон ўтган ой оҳирида ўз чегара ҳудудида НАТО томонидан уюштирилган ҳужумга норозилик билдириб, анжуманни бойкот қилди.

26 ноябр кунги ҳаво ҳужум оқибатида 24 нафар Покистон аскари нобуд бўлган эди. АҚШ мазкур ҳодиса юзасидан тергов ўтказишни ваъда қилган.

2014 йилга бориб аксар ғарб қўшинлари Афғонистонни тарк этишлари кутилмоқда.

Афғонистонда жорий йилда 500дан ортиқ НАТО аскари ўлдирилди.