Москвадаги намойишда 40 мингга яқин киши иштирок этиши мумкин

Россиядаги парламент сайлови натижаларига норозилик сифатида 10 декабр куни Москвадаги Инқилоб ҳиёбонида ўтказилиши режалаштирилаётган намойишда 40 мингга яқин киши қатнашиши кутилаяпти.

Биргина Facebook тармоғида 24 минг одам ушбу намойишга чиқиш истагини билдирган.

"Солидарность" ҳаракати томонидан ташкил қилинаётган ушбу акцияни вКонтакте тармоғида ҳам 10 минг одам қўллаган.

Шунингдек, тарғибот Live Journal тармоғи ва бошқа бир қатор веб-саҳифалар орқали олиб борилмоқда.

10 декабр кунги митингга ҳукуматдан рухсат олинган. Бироқ намойишда 300 киши иштирок этишига рухсат берилган холос.

Ҳозирда Инқилоб ҳиёбони таъмир қилинмоқда. Москва шаҳар хокимлиги 10 декабргача таъмирлаш ишларини тугатишга ваъда берган.

Ижтимоий тармоқлардаги гап-сўзларга қараганда, намойишларни Москва ва Россиянинг 37 шаҳрида ўтказиш режаланмоқда.