Сербиянинг ЕИга аъзолиги масаласи келаси йилга қолди

Европа Иттифоқи етакчилари Сербияга ЕИ аъзолигига номзод мақомини бериш масаласини келаси йил март ойига қолдиришди.

Бу борадаги қарор ЕИнинг пайшанба кунги саммитида қабул қилиниши кутилаётган эди.

Сербия Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун аризани 2009 йилда топширган.

Расмий Белград ЕИга аъзолик ўз ташқи сиёсати приоритети эканини таъкидлаб келади.

Лекин, аъзолик билан боғлиқ ҳар қандай музокара Белград Косово билан муносабатларни яхшилаганидан сўнг бошланиши мумкинлиги айтилган.

Европа Иттифоқининг Кенгайиш масалалари бўйича комиссари Штефан Фуэл Сербиянинг Косово билан муносабатларни яхшилаши “устувор” масала эканини қайд этган.

Ҳозирда Европа Иттифоқига 27 мамлакат аъзодир.