2011 йилги Нобел мукофотлари соҳибларига топширилади

2011 йилги Нобел тинчлик мукофоти 10 декабр куни Осло шаҳрида уч нафар аёлга топширилади.

Норвегия Нобел қўмитаси 7 октябр куни 2011 йилги Нобел тинчлик мукофоти Либерия президенти Эллен Жонсон Сирлиф, унинг ватандоши Лейма Гбовии ҳамда аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси ва демократия фаоли яманлик Таваккул Карманга берилганини эълон қилган эди.

Нобел қўмитаси улар ушбу нуфузли халқаро мукофотга “аёллар хавфсизлиги учун тинч йўллар орқали курашгани ва тинчлик ўрнатишда аёлларнинг тўлиқ иштирок этиш ҳуқуқини ҳимоя қилганлиги учун” сазовор бўлгани билдирган.

Уч аёл 10 миллион Швед крони, тахминан 1 миллион 480 минг АҚШ долларини ўзаро бўлишиб олади.

Айни пайтда Стокголм шаҳрида ўтказиладиган мантанали маросимда тиббиёт, физика, кимё, адабиёт ва иқтисодиёт соҳалари бўйича 2011 йилги Нобел мукофотлари ўз соҳибларига топширилади.