Москвада 24 декабр куни яна митинг бўлади

Москванинг Болотная майдонида бир неча минг киши иштирокида 10 декабр куни сайловларнинг адолатли ўтказилиши талаби билан бўлиб ўтган митинг уюштирувчилари 24 декабр куни яна митинг ўтказмоқчилар.

“Левий фронт” матбуот хизматининг хабар қилишича, уюштирувчилар Москванинг Манеж майдонида митинг ўтказиш учун Президент маъмуриятига ҳамда Сахаров майдонида митинг ўтказиш учун Москва мэриясига ариза топширмоқчилар. Айтилишича, бу икии митингда 30 минг киши қатнашади.

Мухолифат тарафдорлари Давлат думасига ўтказилган сайлов натижалари бекор қилиниши ва такрорий сайлов ўтказилишини, сиёсий партияларни қайд этиш жараёни эркинлаштирилишини ҳамда сиёсий маҳбусларнинг озод қилинишини талаб қилмоқдалар.

Айни пайтда президент Медведев шанба куни ўтказилган оммавий митингларда илгари сурилган шиорларга қўшилмаслиги тўғрисида билдирди.
Бу ҳақда у кеча ўзининг Facebookдаги саҳифасида ёзув қолдирди.

Россия президентига кўра, у сайлов участкаларида йўл қўйилган қонунбузарликлар юзасидан текширув ўтказиш тўғрисида топшириқ берган.