Сурияда маҳаллий сайловлар ўтказилмоқда



Мамлакатда қарийб 9 ойдан бери зўравонликлар давом этаëтган бир пайтда¸ Сурияда маҳаллий сайловлар ўтказилмоқда.

Мамлакат бўйлаб маҳаллий кенгашлардаги 17 минг ўрин учун 43 мингга яқин расмий рўйхатга олинган номзод курашмоқда.

Мухолифат сайловларни бойкот қилаëтган¸ аксар сурияликлар зўравонликлардан қўрқиб турган бир пайтда¸ сайловчилар фаоллигининг суст экани айтилмоқда.

Башар ал-Ассад режимига қарши намойишлар ҳукумат кучлари томонидан бостирилиши оқибатида¸ май ойидан бери БМТ ҳисобича¸ 4000 дан ошиқ одам ўлдирилди.

Айрим хабарларга кўра¸ кейинги ойлар ичи Сурия армиясини тарк этаëтган ҳарбийлар ва хавсфизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлар кучайиб бормоқда.

Маркази Лондонда жойлашган Суриядаги инсон ҳуқуқларини кузатиш гуруҳининг билдиришича¸ бугун Сурия қуролли кучлари шимолдаги Идлиб вилоятининг икки қишлоғида армиядан қочган гуруҳлар билан тўқнашувлар бормоқда.