Миллиардер Михаил Прохоров президент бўлмоқчи

Михаил Прохоров.

Россиядаги энг бадавлат шахслардан саналган Михаил Прохоров 2012 йил март ойига белгиланган президентлик сайловида ўз номзодини қўйиш қарорини эълон қилди.

- Мен бу борада бир қарорга келдим ва умрим бўйи қабул қилган энг муҳим қарорим шу бўлса керак. Мен президентликка даъво қилмоқчиман. Эсласангиз¸ Кремл мени ва дўстларимни Правое делодан чиқариб ташлади ва биз қилмоқчи бўлган ишларимизни қила олмай қолдик. Мен ярим йўлда тўхтайдиган одам эмасман¸ деди Михаил Прохоров 12 декабр кунги баëнотида

Россиядаги Polys Gold металл қазиб чиқариш ширкати хўжайини бўлган 46 яшар Прохоров Forbes журнали ҳисобича¸ Россиянинг энг бой одамларидан бири ва 2010 йилда унинг тахминий бойлиги 18 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

Прохоров¸ 4 декабр кунги парламент сайловларида бир фоизча овоз қозонган Правое дело ўнгчи партиясининг собиқ етакчиси. У сентябр ойида партия раислигидан четлатилган эди.