Қозоғистондаги зўравонликларда 10 киши нобуд бўлди

Қозоғистон Бош прокурори Асҳат Даулбаев Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳридаги нефт заводидан ҳайдалган ишчилар ва полиция ходимлари ўртасида рўй берган тўқнашувда 10 киши нобуд бўлганини билдирди.

Ўтказилган матбуот анжуманида Даулбаев “оммавий тартибсизлик оқибатида 10 киши ҳалок бўлди”, деди.

Бош прокурор хавфсизлик кучлари намойишчиларни ўққа тутганига оид хабарларни рад қилди.

Полиция ходимлари билан нефт заводи ишчилари ўртасидаги тўқнашув 16 декабр куни эрталаб бошланган.

КазМугайГаз давлат компаниясига қарашли нефт заводининг юзлаб ишчиси маошлар оширилиши ва иш шароити яхшиланиши талаби билан олти ойдан бери намойиш ўтказиб келаётган эди.