Россия Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлди

ЖСТнинг Женевадаги йиғилиши, 2011 йил 15 декабр.

18 йиллик музокаралардан сўнг Жаҳон савдо ташкилоти ниҳоят 16 декабр куни Россияни ташкилот аъзолигига қабул қилди.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатларнинг Женевада бўлиб ўтаётган вазирлар даражасидаги йиғилишида Россия ташкилотга қўшилишга расман таклиф қилинди.

Шу пайтгача Россия Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлмаган дунёдаги ягона йирик давлат бўлиб қолаётган эди.

Қарор қабул қилинишидан олдин ўтказилган матбуот конференциясида сўзлаган Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Александр Лукашевич Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш Россия иқтисодиёти учун фойдали бўлишини урғулади.

- Россия Жаҳон савдо ташкилотига ўз миллий манфаатларига жавоб берадиган шартлар асосида қўшилмоқда. Бу Россиядаги бизнес муҳитини яхшилашга, хориж сармояларининг оқиб келишига ва Россия иқтисодиётининг муҳим саноати имкониятларини сақлаб қолган ҳолда экспорт ҳажмини оширишга асос яратади, - деди Александр Лукашевич.

Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши борасидаги музокаралар 1993 йилда бошлаган эди.